«Темурбеклар мактаби» ўқувчиларини саралаш тартиби

ПҚ-4375 -сон қарорига асосан

  • Темурбеклар мактаби»га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг (кейинги ўринларда — умумтаълим мактаблар) 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади.
  • Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат. Саралаш танловини ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан белгиланади.
  • Номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари билан ишлаш, ташкилий ишларни бажариш, зарур материал ва ҳисоботларни тайёрлаш учун «Темурбеклар мактаби»да қабул комиссияси тузилади, унинг таркиби ҳар йили тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг буйруғи билан тасдиқланади. Қабул комиссияси ўз фаолиятини «Темурбеклар мактаби»нинг Устави асосида амалга оширади.
  • Ҳарбий-касбий танлов тадбирларини ўтказиш учун ҳарбий округларда вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг вакилларидан иборат таркибда тегишли ҳарбий округ қўмондони раислигида махсус идоралараро комиссия тузилади. Идоралараро комиссиянинг таркиби ҳар йили вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Идоралараро махсус комиссиянинг ишини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан тасдиқланади.
  • Дастлабки танловни ўтказишдан асосий мақсад номзодларнинг кейинчалик олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш, давлат хизматчиси бўлиш истагида бўлган шахсларга соғлиғи, шахсий-психологик сифатлари, жисмоний тайёргарлиги бўйича қўйиладиган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, юқори интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга номзодларни аниқлаш ҳисобланади.
  • Қуйидагилар дастлабки танловнинг асосий тадбирлари ҳисобланади: номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш; номзод тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), номзоднинг «Темурбеклар мактаби»га ўқишга киришини танлашига асослар ва сабабларни аниқлаштириш; умумтаълим фанлари бўйича ўзлаштириши, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш; номзодларнинг шахсий-психологик хусусиятларини ўрганиш.
  • Номзодлар учун дастлабки танлов «Темурбеклар мактаби»га ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ўтказилади.
  • Қуйидагилар «Темурбеклар мактаби»га кириш учун рад жавобини берилишига асос бўлади: номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги; номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги; жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатъи назар содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги; яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги.
  • Номзодлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бўлимларга тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати «Темурбеклар мактаби» Устави билан белгиланади.
  • Номзодларнинг биринчи тиббий текшируви мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади. Бунда номзодларга қўйилган антропометрик маълумотлар тасарруфида тегишли «Темурбеклар мактаби» бўлган вазирлик ва идоралар томонидан мустақил белгиланади. Тиббий текширув натижаларига асосланган соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади.
  • Соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар ҳарбий-касбий танловга қўйилмайди.
  • Дастлабки танлов натижалари бўйича «Темурбеклар мактаби»га ўқишга кириш учун тавсия қилинган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан мудофаа ишлари бошқармаларига топширилади.
  • Ҳарбий-касбий танловнинг бош мақсади ўзининг психофизиологик хусусиятлари ва соғлиғининг ҳолати бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган, етакчилик сифатларига, ички ишончга, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятга эга, келгусида муносиб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда давлат хизматчилари бўла оладиган номзодларни аниқлашдир.
  • Ҳарбий-касбий танловнинг асосий тадбирлари қуйидагилардан иборат: тақдим қилинган номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш; номзодларни якуний тиббий текширувдан ўтказиш; номзоднинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш; номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш; номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш; номзод билан якка тартибда якуний суҳбат ўтказиш ва номзодларни тест синовларига қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш.
  • Ҳарбий-касбий танлов номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади.
  • Номзодларни якуний тиббий текширувдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ва соғлиқни сақлаш вазирининг қўшма буйруғи билан тасдиқланадиган тиббий мутахассислардан иборат таркибдаги ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади.
  • Якуний тиббий текширув натижаларига асосланган соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг «Темурбеклар мактаби»да ўқишга яроқлилиги ҳолати тўғрисидаги қарор чиқарилади. Соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар саралашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.
  • Номзодларнинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш диктант ёздириш йўли билан аниқланади. Диктант ўтказиш тартиби ва уни баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Диктант натижасида қониқарсиз баҳо олган номзодлар саралашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.
  • Номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда психологик тестлар ўтказиш орқали ҳарбий округлар томонидан ташкиллаштирилади ва ўтказилади. Психологик тестларни ўтказиш тартиби ва психологик тестлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижалари якка тартибдаги якуний суҳбат давомида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.
  • Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига кўра қуйидаги хулосалар чиқарилади: ўқишга кириш учун тавсия этилади; ўқишга кириш учун тавсия этилмайди. Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижалари бўйича ўта олмаган ҳамда ўқишга кириш учун тавсия этилмаган номзодлар саралашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.
  • Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси мудофаа ишлари бошқармаси томонидан аниқланади. Жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича талабларга жавоб бермайдиган номзодлар саралашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.
  • Якка тартибдаги якуний суҳбат идоралараро махсус комиссия томонидан номзоднинг етакчилик сифатлари, мантиқий фикрлаш даражаси, саводхонлиги, ақлий қобилиятлари ҳамда бошқа ҳарбий хизматчи ва давлат хизмати ходими учун муҳим касбий сифатларини аниқлаш мақсадида психофизиологик хусусиятларини ўрганиш ва диктант натижалари асосида мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади.
  • Якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилинади.
  • Якка тартибдаги якуний суҳбатдан ўта олмаган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (ва бошқа ҳужжатлари) далолатнома асосида номзоднинг яшаш жойи бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқармаси вакилига топширилади.
  • Мудофаа ишлари бошқармалари томонидан расмийлаштирилган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари мудофаа ишлари бошқармаси орқали тегишли «Темурбеклар мактаби»нинг қабул комиссиясига юборилади. «Темурбеклар мактаби» қабул комиссиясига номзодларнинг шахсий йиғмажилдларини ушбу мақсадлар учун ваколатга эга бўлмаган бошқа шахслар орқали топшириш қатъиян ман этилади.
  • Тест синовларига рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бошқармалари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома ўрта умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
  • Шахсий йиғмажилдларини ўрганиш натижаларига кўра тест синовларига рухсат этилган номзодларнинг рўйхатларини мудофаа ишлари бошқармаларигача етказиш учун «Темурбеклар мактаби»нинг қабул комиссияси масъул ҳисобланади.
  • Номзодларнинг тест синовларида иштирок этиш учун ўз вақтида «Темурбеклар мактаби»га етиб келиши учун жавобгарлик мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқларига юклатилади.
  • «Темурбеклар мактаби»га келиб-кетиш, тест синовларига тайёрланиш ва топшириш даврида жойлашиш ҳамда овқатланиш билан боғлиқ харажатлар номзодларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қопланади.
  • Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади.
  • Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан — ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовларининг натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси белгилаган муддатларда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ҳамда тегишли «Темурбеклар мактаби» қабул комиссиясига тақдим этилади.
  • Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.
  • «Темурбеклар мактаби»га қабул қилинмаган (саралашдан ўтмаган) номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (ва бошқа ҳужжатлари) далолатнома асосида кейинчалик номзодларнинг яшаш жойи бўйича Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига топшириш учун мудофаа ишлари бошқармаси вакилига берилади.
  • Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақтини вазирлик ва идоралар Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда белгилайди.
  • Тест топшириқлари умумий ўрта таълими фанлари (5 — 9 синфлари кесимида)нинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.
  • Тест синовлари натижасидан норози бўлган номзод, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар (васийлар) тест синовлари натижаси эълон қилингандан кейин икки иш куни давомида тест синови ўтказилган «Темурбеклар мактаби»да ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма равишда тест натижалари бўйича апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг шикояти қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
  • Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади: халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари — белгиланган қабул квотаси доирасида; ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари — квотадан ташқари; етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида — квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
  • Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан «Темурбеклар мактаби»га кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.