«Темурбеклар мактаби» ўқувчиларини қабул қилиш тартиби

ПҚ-4375 -сон қарорига асосан

  • Номзодларни «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари сафига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади. Мазкур Низомнинг 52-бандида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлган номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.
  • Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда тест синовлари ўтказилмайди ва номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.
  • Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолларда улар орасида биринчи блок фанидан тест натижалари юқори бўлган номзод қабул қилинади, шунда ҳам баҳолар тенг бўлиб қолган тақдирда, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномадаги математика, физика, она-тили ва адабиёт фанларидан олган якуний баҳолари йиғиндиси бошқаларникидан юқори бўлган номзод ўқишга қабул қилинади.
  • Тест натижалари тақдим этилгандан сўнг «Темурбеклар мактаби»нинг қабул комиссияси номзодлар рўйхатини тузади ҳамда баённомани расмийлаштиради. Мазкур ҳужжатлар қабул комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланиб, «Темурбеклар мактаби»нинг муҳри билан тасдиқланади.
  • Қабул комиссиясининг баённомаси номзодларни «Темурбеклар мактаби»га ўқувчилар сафига қабул қилиш тўғрисида «Темурбеклар мактаби» директорининг буйруғини чиқариш учун асос бўлади.
  • «Темурбеклар мактаби»га ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчи деб аталади, уларга белгиланган намунадаги ўқувчи билети ва рейтинг дафтарчаси берилади.
  • «Темурбеклар мактаби»нинг ташкилий-штат тузилишига мувофиқ ўқув курслари бўйича академик гуруҳлар взводларга бирлашади. Алгебра, геометрия, физика, хорижий тиллар, информатика, рус тили, она тили ва адабиёт фанлари бўйича машғулотларни ўтказиш вақтида ўқувчилар гуруҳи иккита кичик гуруҳларга бўлиниши мумкин.
  • «Темурбеклар мактаби»ни тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади. «Темурбеклар мактаби»ни тамомлаганлик тўғрисидаги кўкрак нишонининг ягона намунаси вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Кўкрак нишони китель кўкрак қисмининг ўнг томонига тақилади.